Online Bible

- Reklamy -

Малаки 1 - Муқаддас Китоб


1–БОБ

1 Башорат. Малаки пайғамбар орқали Исроил халқига Эгамиз қуйидаги сўзларни аён қилди.


Худонинг Исроил халқига бўлган севгиси

2 Эгамиз шундай дейди: — Мен сизларни севдим. Сизлар эса: “Бизга севгингни қандай намоён қилдинг?” деб сўрайсизлар. Эсов Ёқубнинг акаси эмасмиди?! — дейди Эгамиз. — Шундай бўлса–да, Мен Ёқубни яхши кўриб,

3 Эсовдан нафратландим. Эсовга берилган қирларни хароб қилдим, мерос бўлган ўша ерларини чиябўриларга бердим.

4 Борди–ю, Эдом халқи: — Шаҳарларимиз вайрон бўлди, аммо биз уларни тиклаб оламиз, — дегудек бўлсалар, Сарвари Олам уларга шундай жавоб беради: — Шаҳарларини тикласинлар, Мен эса уларни яна вайрон қилавераман. Шунда одамлар Эдом ҳақида: “Бу ёвузлар юрти, Эгамиз улардан абадий ғазабланган”, деб айтадиган бўлишади.

5 Эй Исроил халқи, буни сизлар ўз кўзингиз билан кўриб: “Эгамизнинг қудрати юртимизнинг чегаралари билан чекланмас”, деб айтадиган бўласиз.


Эгамиз руҳонийларга танбеҳ беради

6 Сарвари Олам шундай дейди: — Эй руҳонийлар, ўғил отасини ҳурмат қилади–ку! Хизматкор хўжайинидан қўрқади–ку! Агар Мен Отангиз бўлсам, нега Мени ҳурмат қилмайсиз? Агар Хўжайинингиз бўлсам, нега Мендан қўрқмайсиз? Сизлар Мени хўрлаяпсиз. Яна: “Қандай қилиб Сени хўрлабмиз?” деб сўрайсиз.

7 Сизлар қурбонгоҳимга ҳаром назрлар олиб келиб, Мени хўрлаяпсиз. Яна: “Қандай қилиб Сени ҳақорат қилибмиз?” деб сўрайсиз. Сизлар: “Эгамизнинг дастурхонини писанд қилмаса ҳам бўлади”, деб айтасиз. Шу орқали Мени ҳақоратлаган бўласиз.

8 Кўр молни қурбонлик қилаётганингиз тўғрими?! Чўлоқ, касалманд молни қурбонлик қилаётганингиз тўғрими?! Ўшани ҳукмдорингизга тақдим қилиб кўринг–чи. У сизлардан мамнун бўлиб, илтифот қилармикан?! — дейди Сарвари Олам.

9 — Эй руҳонийлар, айб ўзингизда. Қани: “Бизга барака бер!” деб Мен, Худога ёлвориб кўринглар–чи. Бундай қилмишларингиз учун Мен биронтангизга барака берармикинман?! — дейди Сарвари Олам.

10 — Қанийди, бирортангиз Маъбад эшикларини ёпиб ташлаганингизда! Шунда ичкарига кириб қурбонгоҳим устида беҳуда олов ёндирмаган бўлар эдингиз! Мен сизлардан мамнун эмасман, назрларингизни қабул қилмайман, — дейди Сарвари Олам.

11 — Зеро, дунёнинг у чеккасидан бу чеккасигача бўлган барча халқлар орасида Менинг номим улуғланмоқда. Бутун ер юзида Менга атаб тутатқилар тутатилмоқда, ҳалол қурбонликлар келтирилмоқда. Ҳа, халқлар орасида буюкдир Менинг номим! — дейди Сарвари Олам.

12 — Сизлар эса: “Раббийга арзимас назрлар келтирсак ҳам бўлаверади”, дея Менинг дастурхонимни булғаяпсизлар.

13 Яна: “Буларнинг ҳаммасидан чарчаб кетдик”, дея юзларингизни буриштиряпсизлар, — дейди Сарвари Олам. — Сизлар чўлоқ, касалманд ёки бировдан тортиб олинган жониворни қурбонлик қиласизлар! Мен эса ўшани қабул қилишим керакми?! — дейди Эгамиз.

14 — Лаънатисизлар! Подангиздаги бир қўчқорни Мен, Раббийга атаб қўйгансизлар–у, лекин ўрнига нуқсонли жониворни қурбонлик қиляпсизлар. Мен буюк Шоҳман, — дейди Сарвари Олам. — Менинг номим халқлар орасида иззат–икром билан тилга олинар.

© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020

Institute for Bible Translation, Russia
Následuj nás:



Reklamy